Global dunyoda ilm-fan va ta‘limdagi innovatsion
rivojlanishning zamonaviy trendlari 15 dekabr, 2022 yil.
96
Annotatsiya:
Ushbu maqolada mustazod janrining o‘ziga xos xususiyatlari
hamda Alisher Navoiyning “Din ofati” mustazodining g‘oyaviy-badiiy xususiyatlari
tavsiflanadi.
Kalit so‘zlar:
aruz, mustazod, poetik shakl, misra, bahr, vazn, taqte’ , hazaj.
МУСТАЗОД арабча “орттирилган” деган маънони ифодалаб, шеърларда
ҳар қайси мисрадан сўнг яна ярим мисра, аниқроғи, мисранинг биринчи ва
тўртинчи рукнларига тенг бўлган ярим мисраси орттирилган лирик шеър
шаклига айтилади. Алишер Навоий ўзининг “Мезонул авзон” асарида: “... ва
яна бу халқ (туркий) орасида бир суруд бор экандурким, ҳазажи мусаммани
ахраби макфуфи маҳзуф вазнида анга байт бошлаб битиб, анинг мисраидин
сўнгра ҳамул баҳрнинг икки рукни била адо қилиб, суруд мағоматиға рост
келтурурлар эрмиш ва ани “мустазод” дерлар эмиш” [2:180], - деб мисол кел-
тирадилар. Алишер Навоий туркий халқлар адабиётида мустазод деб номла-
нувчи шеърий шакл мавжуд эканлигини ва бу шакл, албатта, қатъий
ҳазажи
мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф
вазнида ёзилишини таъкидлайди. [2:181]
Нафас Шодмонов эса ўзининг “Аруз вазни асослари” ўқув қўлланмасида ру-
боийларда вазннинг муайянлашувига унинг фалсафий мавзуси ва мазмунидаги
вазминлик сабаб бўлган бўлса, мустазод вазнлари уларнинг шаклий хусусият-
лари билан белгиланишини таъкидлаб ўтган [3:56]. Кейинги адабиётларда бу
вазн охиридан мустазод сўзининг қўшиб ёзилиши ҳам анъана тусини олган.
Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Огаҳий ва Мунис
каби ижодкорларимиз бу шеърий шаклда асарлар яратганлар. Муҳаммадри-
зо Огаҳий эса мустазоднинг вазнини янада мураккаблаштириб, ҳар қайси
асосий мисрадан сўнг икки эргашма мисра келтириб, мустазод вазнига қис-
ман ўзгартириш киритди ва “мураккаб мустазод кашфиётчиси” номини олди.
Масалан:
Эй ёр, санго ушбу жаҳон боғи аро гул
Бир ошиқи ҳайрон.
Дийдорингга шайдо.
JUMANAZAROVA RAYHON,
O‘qituvchi, Qarshi davlat universiteti
rayxonjumanazarova3@gmail.com
ALISHER
NAVOIYNING
“DIN OFATI...”
MUSTAZODI
SHARHI
https://doi.org/10.47689/STARS.university-pp96-99
STARS International University
97
Вазни:
мафъувлу мафоийлу мафоийлу фаувлун
Мафъувлу, мафоийл
Мафъувлу, фаувлун.
Алишер Навоий ҳам бир қанча мустазод жанридаги асарларни яратди. Ма-
салан, “Хазойинул маоний” девонининг ҳар бир девонида биттадан жами 4
та мустазод жойлаштирди. Алишер Навоийнинг бундай шеърлари девонда-
ги шеърий жанрлар тўлиқ бўлиши учун яратилган махсус асар эмас. Балки
уларнинг ҳар бири шоир ижодининг маълум даврида бўлиши билан бирга
маънавий эҳтиёжининг тақозоси билан юзага келган оригинал асарлардир.
Бу хусусиятни уларнинг моҳияти, услуби ва ёзилиш давридан ҳам билиш мум-
кин. “Хазойинул маоний” га киритилган 4 та мустазоднинг биттаси ёшлик-
да, иккитаси йигитлик пайтида (35 ёшгача) ва яна биттаси қарилик даврида
яратилган.
“Наводируш шабоб” девонида
Дин офати бир муғбачаи моҳи лиқодур,
майхорау бебок
, деб бошланувчи мустазод Навоий учун “абадий мавзу” –
муҳаббат мавзусидаги асар бўлиб, 7 байтдан иборат. Бу мустазод ҳам йигит-
лик даврига мансуб бўлиб, мафъувлу мафоийлу мафоийлу фаувлун, мафъув-
лу, фаувлун – ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи махзуфи мустазод вазни-
да яратилган. Бу мустазодда ҳам бошқа мустазодлари сингари мадҳ ҳамда
мадҳ билан васфнинг синтези етакчи хусусият ҳисобланади. Бу мустазод
ҳам ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Навоийнинг “Ҳайратул аброр” аса-
ридаги ишорасига қараганда, мустазодларидан баъзилари базмларда куйла-
ниб, тингловчиларнинг таҳсинига сазовор бўлган.
Ҳазрат Навоийнинг бу мустазодида ҳам лирик қаҳрамон ошиқ бўлиб, унинг
тўзимсиз муҳаббат дарди билан не-не изтиробли жараёнлари, бу қисмат-
нинг олам-олам қувончу озорлари, ситамлари шоир томонидан гўзал таш-
беҳлар воситасида тасвирланган.
Дин офати бир муғбачаи моҳи лиқодур,
Майхорау бебок ,
Ким ишқидин онинг ватаним дайри фанодур,
Сармасту ёқам чок.[1:156 ]
Mуғбача
–
луғавий маъноси май сузиб берувчи бола, бу ўринда ёш пири
комил тимсоли, лирик қаҳрамон - ошиқ пир уни ишққа ўргатганлигини, бу
ишқдан сармаст бўлиб, ёқасини чок қилиб, ўзлигидан кечиб бораётганини
баён қилади. Биламизки, ишқ тасаввуфда Ҳаққа нисбатан пок ишқни ифода-
лайди. Аллоҳга ошиқлик эса ҳамма юракларга ҳам жо бўлавермайди, фақат
уни деганларга, уни севганларгагина насиб этади.
Ҳам туррасининг дуди варъ белига зуннор
Мен кофири ишқи
Ҳам юзи мажус ўти киби шуъла физодур,
Мен ўртанибон пок.
Иккинчи байтда ёрнинг ўрилган сочининг қароси мени кофир этган ишқ-
нинг белидан зуннор каби банд айлаган ва юзи мажусийлар оташгоҳининг
оловидек шуъла бағишлаб, бу ўтда мени гўё покламоқда, дейди. Яъни солик
ўз йўлига ғов бўладиган моддий дунё нарсаларидан воз кечиб, ёруғлик нури
сари интилмоқда.
Global dunyoda ilm-fan va ta‘limdagi innovatsion
rivojlanishning zamonaviy trendlari 15 dekabr, 2022 yil.
98
Ул чеҳра фуруғи тушубон зор танимға
Бир навъ куярким,
Ҳар кимса ани кўрди соғиндики ёнодур
Ўт ичида хошок.
Маъшуқанинг чеҳрасидан тушаётган нур ошиқ танини шунчалар куйди-
ряптики, ҳар кўрган киши ўт ичида хашак, яъни сомон парчаси деб ўйлайди.
Бу худди оловга талпинган парвонанинг шу ўтда ёниб кул бўлаётган тани
кабидир. Аслида, у ўт эмас, Ҳақнинг висолига етишмоқлик талаби, ишқ аро
ўтга айланган кўнгил, шунинг учун ҳам бу олов унга роҳат бағишлайди, руҳи
ором топади.
Ҳайвон суи жонимни олур лаълидин айру
Ул журъаи майким,
Тегмиш анга майигун лаби жонимға даводур
Не заҳру, не тарёк.
Ушбу мисраларга келиб, лирик қаҳрамоннинг ишқи янада мавжланиб, уни
жунбишга келтирганлигини кўришимиз мумкин. Бу ишқ майига маъшуқанинг
май рангли лабидан теккан заҳар эмас, балки жонимга жон бағишловчи,
обиҳаёт сувидир. Шундай экан, у лабларини асло лабимдан олмасин, дейди.
Лаб тасаввуф таълимотида Аллоҳ, пир ва шунингдек, комил ва ориф киши-
нинг, ҳақиқий ёки мажозий ёрнинг каломи, кўрсатмалари, пурмаъно сўзлари-
дир. Зеро, солик маъшуқа сифатида пирга мурожаат қилиб, ўзининг суҳбати-
дан уни мосуво қилмаслигини сўрайди.
Бу навъки айлар, майи васли ҳавасидин
Махмур бўлибмен,
Мушкулки ёзилғай бу хуморики мангадур
Соғар бўлиб афлок .
Бу не ҳолки, Ҳақ васли ҳаваси соликни шундай кўйга солганки, унга фалак
жом бўлиб май қуйса-да, унинг хумори босилмас, фақат Унинг васлига ин-
тилади, унинг васли хаёли қалб хуморига таскин бера олади. Бу таскинни у
пиридангина олиши мумкин.
Сойилмену мақсудим эрур нақди висолинг
Бухл айлама жоно.
Ким барча мазоҳибдаки ишқ аҳли ародур,
Мазмум эрур имсок .
Лирик қаҳрамон, яъни сўровчининг мақсади Ҳақнинг висолидур, у жонон-
дан висол учун “бахиллик” айламаслигини ва “нафрат”дан сақланиш керак-
лигини айтади, чунки барча мазҳабларнинг талаби ҳам ишқ аҳли ичра бўл-
моқликдир.
Ҳажрингда юзи сорғорибон дам ура олмас,
Бечора Навоий,
Гўёки хазон фаслида бебаргу наводур
Ул булбули ғамнок.
Сўнгги мисрадаги лирик қаҳрамоннинг ноласи шунчалар ғамлики, оҳ-нола
чекишга ҳам ҳоли қолмаган. Ҳажр азобидан юзи сарғайиб, гўё хазон фаслида
чамансиз қолиб, ғамнок бўлган булбул каби қийналади, бироқ бу қийноқдан
у ҳатто оҳ тортмайди. Зеро, солик ёри учун ҳатто жон беришни ҳам арзимас
STARS International University
99
иш деб билади. Жон бериб маъшуқадан айрилмас, балки унинг билан руҳи
бирлашиб ваҳдати вужуд бўлур.
Навоийнинг мазкур мустазоди илоҳий ишқнинг асл кўриниши сифати-
да ҳали узоқ йиллар тасаввуф илмида ўрганилувчи асар бўлиб қолади. Бой,
ранг-баранг мумтоз шеъриятимизнинг асл таровати, пурмаъно ҳикмати ана
шундай лирик асарлар замирида, аслида. Бундай нодир дурдоналар бор экан,
адабиётимизнинг боқийлиги дахлсиздир.
Адабиётлар рўйхати
1. Навоий, Алишер. Хазойин ул-маоний. Наводир уш-шабоб. ТАТ, 10 томлик,
2-том. -Тошкент, 2013.
2. Навоий, Алишер. Мезон ул-авзон. -Тошкент, 1967.
3. Шодмонов Н. Аруз вазни асослари. –Қарши: Насаф, Насаф, 2012.
