Ишнинг мақсади. Турли ёш гуруҳидаги операциядан кейинги чурраси бор беморлар апоневрозидаги тузилмавий фарқларни аниқлашдан иборат. Материал ва текшириш усуллари. Биз томонимиздан Самарқанд давлат медицина институтининг 1 ва 2 клиникаларида операциядан кейинги чурра туфайли операция қилинган 40 ёшдан 76 ёшгача бўлган 36 нафар беморлар апоневрозининг қиёсий морфологик текшируви олиб борилди. БЖССТнинг ёшга доир таснифига биноан беморлар 3 гуруҳга бўлинди: I. Ўрта ёш 45 – 59 ёш, II. Кекса ёш 60 – 74 ёш ва III. Қари ёш 75 – 90 ёшдаги беморлар. Текширув герниопластика операцияси вақтида қорин олд деворидан олинган биоптатлар устида олиб борилди. Операция вақтида қорин олд деворидан ёруғлик микроскопияси учун олинган апоневроз тўқимасининг стандарт бўлакчалари фосфат буферли 10%ли формалин эритмасида қотирилди. Парафинли кесмалар гематоксилин эозин ёрдамида бўялди. Натижалар. Турли ёш гуруҳидаги беморлар апоневрози ва ёндош мушаклар биоптати устида олиб борилган текширувлар яққол тузилмавий фарқларни аниқлаш имконини берди, бу эса қорин олд девори чурралари ва уларнинг қайталаниш частотасини аниқлашга ёрдам беради. Хулосалар. Олиб борилган текширувлар ёш ўтиши билан қорин тўғри мушакларининг апоневрозида яққол тузилмавий ўзгаришлар бўлишини кўрсатди. Аниқланган ушбу ўзгаришлар хусусияти, яъни коллаген толаларининг жойлашиш тартибининг бузилиши апоневроз мустаҳкамлиги пасайишининг асосий сабаби деб тахмин қилишимиз мумкин